Амир Темур Ўгитлари китоб . Ўзбек тилида китоблар бепул бесплатно.
Амир Темур — буюк шахс кураги ерга тегмаган саркарда, йирик давлат арбоби, қонуншунос, талантли меъмор, нотиқ, руҳшунос, шу билан бирга, эл-юртини севган ва уни машҳури жаҳон қилган инсон. У Буюк инсоннинг мураккаб ва ташвишлар билан тўлиб-тошган ҳаёти ва фаолиятини кичик бир мақолада, ҳатто жуда қисқа ва умумий тарзда бўлса-да, баён қилиб бўлмайди. Амир Темурнинг тарихи кўп жилддик китоблар ёзишга арзийди. Лекин минг афсуски, бизлар — буюк амирнинг ватандошлари, бу ишни ҳозиргача эплолмадик. Тўғриси, буни қилиш имконига эга бўлмадик, чунки кўҳна тарихимиз, улуғ ота-боболаримиз ҳақида бизларни чурқ эттирмай қўйган коммунистик ғоя бунга йўл бермади. Амир Темурнинг ўзи эса таҳқирланди, туҳмату маломатларга қолди. Ваҳоланки, Англия, Франция, Германия, Америка Қўшма Штатларидаги ҳамкасбларимиз унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб жуда кўп кўламдор китоблар ёзиб, ўз тилларида чоп этдилар. Англиялик шарқшунос олима Ҳильда Ҳукҳэм, германиялик Ганс Роберт Рёмер, француз Жан Поль Рокс, америкалик Жон Вудс ва Беатриса Манс шулар жумласидан. Хорижлик драматург ва артистлар ўз театрларининг саҳналарида Амир Темурнинг ёрқин образини яратдилар. Франциялик ҳайкалтарошлар унинг ҳайкалини олтиндан қуйиб, музейларда намойиш қилдилар. Биз-чи?.. Тангри таолога шукрлар бўлсинки, шу кунларга келиб кўп минг йиллик бой тарихимизни суриштириш ва ўрганиш имкониятига энди эга бўляпмиз. Биз кекса тарихчилар бу ишни умр етганича қилармиз. Биз улгурмасак, буни шогирдларимиз давом эттиришар. Ҳар ҳолда шуни унутмаслик керакки, бизлар нафақат Амир Темур тўғрисида, балки ота-боболаримиз тарихи борасида ҳам халқимиз олдида қарздормиз.
Амир Темур 1336 йилнинг 9 апрелида ўша пайтларда Кеш (Шаҳрисабз)га қарашли Хўжа Илғор (бу қишлоқ ҳозир Яккабоғ туманига қарайди) қишлоғида таваллуд топди. Отаси Амир Тарағай — ўзига тўқ, бадавлат киши эди. Темур туғилган пайтда у Қозонхон (1333—1346) ҳузурида масъул бир мансабда турарди. Кеш ва унга тобеъ ерларнинг беклиги эса Амир Тарағайнинг оғаси Ҳожи барлоснинг қўлида эди.
Темурнинг ёшлиги ва йигитлик йиллари Чиғатой улуси оғир ижтимоий-сиёсий бўҳрон исканжасига тушиб қолган бир даврда кечди. Улус ичидаги нотинчлик Қозонхон даврига келиб ўзаро феодал урушларнинг авж олиб кетишига сабаб бўлди. Ҳокимият учун кураш айниқса хон билан унинг бош амири (амир ул-умароси) Қазаған ўртасида кучли бўлди. Ўзаро нифоқ ва келишмовчилик урушга айланди. Мамлакат мўғуллар истилоси остида қолган ўша оғир шароит икки истеъдодли амирни — амир Темур билан амир Ҳусайнни бир қадар яқинлаштирди. Лекин амир Ҳусайн мамлакатда феодал тарқоқликка барҳам бериш, раиятни чет эл босқинчиларидан ҳимоя қилиш хусусида Амир Темур билан якдил бўла олмади. Оқибатда юрт озодлиги учун кураш бевосита Амир Темур зиммасига тушди. Амир Темурнинг тарих олдидаги хизмати бениҳоят катта.
Китоблар узбек тилида укиш бепул . бесплатные книги на узбекском языке